Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
0 (371) 120-76-33
Сифатига ким кафил?
72
Сифатсиз дори-дармон ва фармацевтика маҳсулотлари инсон учун энг азиз неъмат – сиҳат-саломатликка жиддий хавф туғдириши шубҳасиз. Чунки, ҳар хил шароитларда ва белгиланган меъёрларга риоя қилинмаган ҳолда ташиладиган, олиб келинадиган дорилар шифо ўрнига касалликни янада кучайтириб юбориши мумкин.
Сифатига ким кафил?

Афсуски, ушбу оддий ҳақиқатдан кўз юмган айрим кимсаларни юртдошларимизнинг саломатлигидан кўра, мўмай даромад кўпроқ қизиқтиради

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан шу турдаги қонунбузарлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Бош почтампт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи бир нечта фуқаролар номига Россия федерациясидан жўнатилган почта жўнатмаси ниқоби остида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини декларацияда кўрсатмасдан, ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатлари аниқланди.

Жўнатмаларни божхона назоратининг техник воситадан фойдаланиб божхона кўригидан ўтказиш давомида “CN-23” шаклидаги божхона декларациясида кўрсатилмаган 965 конвалютада ва 751 қутида ҳамда 113 флаконда хар хил дорилар борлиги маълум бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра мазкур дори-дармонларнинг қиймати салкам 277 млн. сўмни ташкил этар экан.

Шунингдек,  Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темир йўл чегара божхона пости ходимлари  “Алмата- Тошкент” йўловчи поезди йўловчиларининг қўл юкларини божхона назоратидан ўтказиш пайтида қўшни давлат фуқаросийўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ҳамда  божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилмаганқиймати 27,5 млн. сўмдан ортиқ 218 дона турли хил витаминларни олиб киришга урингани аниқланди.

Худди шу поезддаги бошқа бир йўловчи - қўшни давлат фуқароси  қиймати 16 млн.сўмлик 1080 дона дори-дармонларни божхона баённомасида қайд этмасдан туриб, яширинча олиб киришга урингани аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Шу ўринда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси фуқаролардан божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан 120-76-71 ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатади. Мурожаатлар анонимлиги кафолатланади.

Тошкент шаҳар

божхона бошқармаси

Ахборот хизмати

12.07.2018