Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
“Жартепа” чегара божхона пости очилганидан буён 1 миллионга яқин фуқаролар ҳаракатланди
499
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ташқи сиёсат борасида амалга оширилаётган конструктив ва ўзаро манфаатга асосланган жадал ислоҳотлар натижасида Марказий Осиё минтақасида жойлашган қўшни мамлакатлар билан кўп қиррали ҳамкорлик янги босқичга кўтарилиб, халқларимиз дўстлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
“Жартепа” чегара божхона пости очилганидан буён  1 миллионга яқин фуқаролар ҳаракатланди

Хусусан, 2018 йил 1 мартдан бошлаб халқаро мақомга эга бўлган Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида жойлашган “Жартепа” чегара ўтказиш пункти қайта ўз фаолиятини бошлади.

Ўтказиш пунктида божхона органи ходимлари билан бир қаторда давлат ветеринария, санитария, ўсимликлар карантини ва чегара хизмати  ходимлари ҳам назорат фаолиятини олиб боришади.

Божхона постида чегара орқали ҳаракатланувчи фуқароларга барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, кириш ва чиқиш залларида иситиш-совутиш тизими жиҳозланган, постда ногиронлик ва юк ташишга мўлжалланган аравачалар мавжуд.

Ўрнатилган пештахталарда эса фуқаролар ўзлари билан олиб ўтиши мумкин бўлган товар-моддий бойликлар меъёрлари ҳамда валюта қимматликлари тўғрисида барча маълумотлар ўзбек, тожик ва рус тилларида кўрсатиб ўтилган.

“Жартепа” чегара божхона пости очилганидан шу кунга қадар, киришда 460 мингга яқин, чиқишда 455 мингдан ортиқ, жами 915 минг нафар йўловчилар ҳаракатланган бўлиб, кунига ўртача 2100-2200 нафар фуқаро божхона кўриги ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Пост орқали ўтган давр мобайнида жами 61 мингта, шундан киришда 30 мингга яқин ва чиқишда 31 мингдан ортиқ, кунига ўртача 140-150 та автотранспорт воситалари ҳаракатланмоқда.

Божхона назоратини амалга оширишда божхона тартиб-таомилларини амалга оширишнинг давомийлигини қисқартиришга устувор вазифа сифатида қаралиб, божхона ходимлари томонидан ҳар бир енгил автомашина ўртача 15-20 дақиқада божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.

Божхона назоратини амалга ошириш мақсадида замонавий рентген аппарати (Rapiskan, Nuctech), кузатув камералари, назорат техник воситалари ва жиҳозлари билан таъминланганлиги фуқаролар ҳамда уларнинг қўл ва багаж юкларини тезкор тартибда божхона назоратидан ўтказиш имкониятини бермоқда.

Тадбиркор ва ҳайдовчилар учун Давлат божхона қўмитаси томонидан яна бир қулайлик яратилган бўлиб, www.bojxona.uz веб-сайтининг “Божхона назорати” рукни орқали чегара божхона постларида, шу жумладан “Жартепа” чегара божхона постида навбатда турган ва бир кунда расмийлаштирилган автотранспорт воситалари сони бўйича онлайн маълумотларни кўриш мумкин бўлади.

Хавф гуруҳига кирувчи ёки бошқа маълумотларга асосан, кунига 6-7 та енгил автотранспорт воситалари (умумий ҳаракатланганларнинг 5 фоизи) синчковлик билан текшириб кўриш учун махсус жиҳозланган бинога киритилиб, қисқа вақт давомида божхона кўригидан ўтказилмоқда.

Автотранспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонларни текширишга зарурат бўлганида, чегара постига энг яқин автосервисларга олиб бориб текширилиши мумкин. Божхона пости барча ходимлари техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши бўйича Саноат хавфсизлиги бошқармасида махсус ўқув курсларида ўқитилган.

“Жартепа” чегара божхона постида яратиб берилган қулайликларга қарамасдан, айрим фуқаролар томонидан белгиланган тартибни бузган ҳолда, товарларни божхона назоратидан яширинча олиб ўтиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. 

Таҳлилларга эътибор қаратсак, ўтган давр мабойнида пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар томонидан жами 320 та божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, умумий қиймати 714 млн. сўмлик товар-моддий бойликларининг ноқонуний айланишига чек қўйилди.

Шунингдек, ўтган давр мобайнида 1 та ҳолатда 250 таблетка психотроп моддалар, 1 та ҳолатда “марихуана” гиёҳвандлик воситаси, 28 та ҳолатда тамаки маҳсулотлари, 11 та ҳолатда алкоголли маҳсулотлар, 3 та ҳолатда тақиқланган мазмундаги диний материалларнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди.

Мазкур ҳуқуқбузарликлар таҳлили, маҳсулотлар асосан автомашинанинг олд ва орқа эшиклари қопламаси ичига хуфёна тарзда яширилган ҳолда, шунингдек бошқа товарлар эса автотранспорт воситасига ўрнатилган газ баллонни қўлбола усулда кесиб, ичига яшириб олиб кирилаётганлигини кўрсатмоқда.

Бугунги кунда “Жартепа” чегара божхона пости белгиланган тартибда иш фаолиятини давом эттирмоқда.

23.05.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг