Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қонунчиликдаги божхонага доир янгиликлар билан танишинг!
532
Божхона соҳасига доир қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар ва ўзгаришлар билан танишинг.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2019 йил 6 июнь куни “Ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлашга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида” 464-сон қарор қабул қилинди.

Қарор ташқи савдо операциялари бўйича тўлов интизомини мустаҳкамлаш, муддати ўтган ташқи қарздорлик ҳолатларини ўрганиб бориш, уларни камайтириш борасидаги ишларнинг самарадорлигини ошириш, асоссиз сақланиб турган қарздорликларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими ҳисобидан чиқариш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ташқи савдо шартномалари ва инвойслар бўйича маълумотларни  ТСОЯЭАТга киритишни тубдан соддалаштириш мақсадида қабул қилинди.

Қарорга кўра, Давлат божхона қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда:

ТСОЯЭАТда жорий йилнинг 1 май ҳолатига кўра муддати ўтган дебитор ва бир йилдан ортиқ даврдан буён мавжуд бўлган кредитор қарзодрлик билан ҳисобда турган шартномаларни тўлиқ хатловдан ўтказади, асоссиз сақланиб турган қарзодрликларни ТСОЯЭАТдан чиқариш ҳақида Республика ишчи гуруҳига таклиф киритади;

мазкур қарор талабларини ҳисобга олган ҳолда, ташқи савдо келишувларига идентификация рақамларини бериш тартибини назарда тутувчи Ташқи савдо операциялари устидан мониторинг олиб бориш тартиби тўғрисидаги янги таҳрирдаги Низом лойиҳасини 1 ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

***

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги 459 сон қарори билан “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг хизмат мажбуриятини бажариш чоғида тан жароҳати олган ходимларига, шунингдек, халок бўлган ходимлари оилаларига бир марталик нафақа тайинлаш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Низомга кўра, хизмат мажбуриятларини бажараётган вақтда халок бўлган божхона органлари ходимларининг оила аъзоларига марҳумнинг ойлик маошининг 50 бараваригача бўлган миқдорда нафақа тайинланади.

Хизмат мажбуриятини бажариш чоғида тан жароҳати олган ходимга:

оғир тан жароҳати олганда, ойлик маошининг 25 бараваригача бўлган миқдорда;

ўртача оғир тан жароҳати олганда, ойлик маошининг 10 бараваригача бўлган миқдорда нафақа тайинланади.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 7 июнь куни “Тошкент шаҳрида “Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиалини ташкил этиш тўғрисида” ПҚ-4352 сон қарор қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ 2022 йил 1 июнга қадар Филиал фаолиятини таъминлаш ва уни жиҳозлаш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ўқув ва илмий лаборатория жиҳозлари, компьютер техникаси, дастурий маҳсулотлар, ўқув ва илмий-методик адабиёт, инвентарь ва моддий-техник ресурслар божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод этилди.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 7 июнь куни “Автомобиль транспортида юкларни халқаро ташишни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилинди.

Қарор миллий ташувчиларнинг катта юк автотранспорт воситалари паркини янада янгилаш ва модернизация қилиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш, ички ва ташқи бозорларда уларнинг рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ташқи савдо фаолиятини транспорт-логистик таъминлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан белгиланишича, ишлаб чиқарилган пайтидан бошлаб 4 йилдан ортиқ муддат ўтмаган катта юк автотранспорт воситалари, шунингдек, ишлаб чиқарилган пайтидан бошлаб 6 йилдан ортиқ муддат ўтмаган тиркамалар ва ярим тиркамалар тижорат банклари томонидан уларни кредитга сотиб олишда ҳар икки томоннинг розилиги билан гаров таъминоти сифатида қабул қилиниши мумкин.

Миллий ташувчиларга сотиш учун катта юк автотранспорт воситалари, тиркамалар ва ярим тиркамаларни импорт қилиш техник топшириқларни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларни комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда мажбурий экспертиза қилмасдан ва рўйхатдан ўтказмасдан амалга оширилади.

Битта автотранспорт воситаси ҳисобига юк ташиш бўйича хизматлар экспортидан бир йилда 20 000 АҚШ долларидан ортиқ тушум олган миллий ташувчиларга уларнинг аризаси бўйича халқаро ташишларда фойдаланиладиган ҳар бир автотранспорт воситасига чораклар бўйича тақсимланган рухсатномалар сони доирасида халқаро автомобилда ташишга аниқ бир давлатнинг 2 та рухсатномаси берилади.

Бунда, ташувчи томонидан олдинги ҳисобот йилида халқаро автомобилда ташишга олинган хорижий ва (ёки) кўп томонлама рухсатномалар сонининг камида 70 фоизидан фойдаланиш ушбу норма қўлланишининг мажбурий шарти ҳисобланади.

Хорижий ва (ёки) кўп томонлама рухсатнома берилганлиги учун йиғим миқдори рухсатнома берилган санада Ўзбекистон Республикасида белгиланган базавий ҳисоб-китоб миқдорининг тўртдан биригача пасайтирилади.

Ўзбекистон Республикаси келгусида 1957 йил 30 сентябрда Женева шаҳрида имзоланган Европа хавфли юкларни йўлларда халқаро ташиш тўғрисидаги битимга қўшилади.

Республикага Евро-3, Евро-4 ва Евро-5 стандартларидаги дизель ёқилғисини импорт қилиш йўлга қўйилади.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 7 июнь куни “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармон қабул қилинди.

Фармонга биноан, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус ҳудудий комиссиялар тугатилади;

давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини бекор қилинади;

2020 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб жорий этиладики, унга мувофиқ:

а) тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни(кейинги ўринларда – корхоналар) ихтиёрий тугатишда:

бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;

давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этади;

молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими (кейинги ўринларда – Тизим) орқали амалга оширилади;

корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддатирўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак;

б) тадбиркорлик субъектлари – жисмоний шахслар фаолиятини тўхтатишда ариза берувчи томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги хулосасини олиш талаб этилмайди;

в) молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналарни тугатишда:

корхонани молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган деб ҳисоблаш учун асос бўладиган муддат тўққиз ойни ташкил этади;

молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган корхоналар давлат солиқ хизмати органининг тақдимномасига асосан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан уч йил муддатга ҳаракатсиз режимга ўтказилади;

ҳаракатсиз режимга ўтказилган корхоналар фаолияти уч йил давомида тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган уларни Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестридан чиқаради.

7.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг