Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Гиёҳвандлик – аср вабоси
310
Самарқанд вилояти божхона бошқармасида 26 июнь – Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан “Гиёҳвандлик – аср вабоси” мавзусида профилактика тадбири ўтказилди.
Гиёҳвандлик – аср вабоси

Тадбирда ушбу долзарб мавзу юзасидан Самарқанд вилоят наркология диспансери врач-наркологи Г.Эргашева  маъруза қилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда энг долзарб муаммолардан бири – гиёҳвандликдир. Гиёҳвандликка қарши курашиш, уларнинг зарарли оқибатларидан кишиларни хабардор қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш доимий ва муҳим фаолият турларидан биридир. Чунки аср вабоси – гиёҳвандликка чалинган кимсалар оиласининг тинчи бузилаётгани, фарзандларининг қаровсиз қолаётгани, ўзлари эса саломатлигини йўқотиб, бевақт ўлим топаётгани ҳеч кимга сир эмас.

– Одатда, наркотик моддаларнинг салбий таъсири турли аъзоларнинг шикастланиши, ҳаёт учун муҳим функционал тизимларнинг издан чиқиши, хасталикнинг психик ва физиологик аломатлари ривожида кўринади, – дейди вилоят наркология диспансери врач-наркологи Г.Эргашева. – Наркотик модда истеъмол қилаётган шахс аста-секин психик жараёнлар фаоллигини оширувчи воситаларсиз ҳиссий идрок этиш лаёқатини йўқотади. Ачинарлиси, ҳаёт лаззатини гиёҳванд моддаларсиз тасаввур эта олмай қолади. Бу эса гиёҳвандликка чалинган шахсларни жиноят кўчасига бошлайди.

Таъкидландики, қорадори инсон организмига киргач, ичакларга сўрилиб, қориндаги қон айланиш йўли билан жигарга етиб боради. Натижада жигар ҳужайралари таъсирланиб, цирроз касаллигини келтириб чиқаради. Қорадори қайта-қайта истеъмол қилиниши оқибатида жигар циррози кучайиб боради. Гиёҳванд моддаларнинг оқсиллари халақит бергани учун йиғилиб қолган заҳарли моддалар қон айланиши билан марказий асаб тизимига қадар етиб боради. Асаб ҳужайралари ишдан чиқиб, яроқсиз ҳолатга келгач, беморнинг кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ-юмшоқни, ширин-аччиқни сезиш қобилияти йўқолади. Бунинг олди олинмаса оқибати ўлим билан якун топади.

Тадбир давомида “Зулматга йўл” номли видеофильм намойиш этилди. Шундан сўнг чегара божхона постида хизмат фаолиятини олиб бораётган ходимлар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлари билан мутахассисларга мурожаат этишди.

Ўзларига керакли маълумотларни олган божхона ходимлари амалиётда малакаларига таяниб хизматни олиб боришлари турган гап. Зеро, биз божхоначилар она Ватанимиз сарҳадлари орқали ноқонуний наркотик моддаларни кириб келишини олдини олишга барчамиз бирдек масъулмиз.

 

 

24.06.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг