Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Божхоначилар йирик миқдордаги маиший техника буюмларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишди
372
Маълумки хориждан товар-моддий бойликларни юртимизга олиб киришнинг ўз тартиб қоидалари бор. Хусусан, жисмоний шахслар белгиланган меъёрлардан ортган ва тадбиркорлик мақсадида олиб келинаётган товарлар учун божхона тўловларини тўлашлари зарур.

Аммо божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаб, ноқонуний йўллар билан маиший техника буюмларини мамлакатимизга олиб киришга уринаётган шахслар ҳам учраб турибди.

Яқинда Фарғона ва Наманган вилояти божхоначилари томонидан аниқланган 3 та қонунбузарлик ҳолатида қарийб 155 миллион сўмлик маиший техника буюмларининг ноқонуний айланмасига  чек қўйилди.

Хусусан, Фарғона вилоятида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.П. бошқарувида бўлган “Кобальт” русумли автомашина тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада ушбу автомашинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 21,2 миллион сўмлик, 94 дона маиший техника товарлари борлиги аниқланди.

Наманган вилояти божхоначилари эса фуқаро У.М.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйишди. Осон йўл билан бойлик орттириш илинжида бўлган ушбу шахсдан умумий қиймати 115 миллион сўмлик кондиционер ва унинг ташқи агрегатлари ашёвий далил сифатида олинди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, “Наманган-Нанай” йўналишида харакатланаётган, фуқаро С.Э. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, унинг салони ва юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган 18 миллион сўмлик кондиционер ва унинг ташқи агрегатлари борлиги аниқланди.  

Ҳозирда юқоридаги қонунбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

8.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг