Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида 2019 йил I ярим йиллик якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди
458
Давлат божхона қўмитасида жорий йил I ярим йиллик фаолият якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди.
Давлат божхона қўмитасида 2019 йил I ярим йиллик якунларига бағишланган Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

Видеоселектор шаклида ташкил қилинган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари, “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Божхона институти ва Миллий кинология маркази шахсий таркиби иштирок этди.

Йиғилишда таъкидланганидек, мамлакатимизда ёрқин истиқболни ва халқ манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда давлатнинг иқтисодий таянчи сифатида божхоначилардан ҳам ўзига юклатилган муқаддас ва шарафли хизмат вазифаларимиздан келиб чиқиб, фаоллик, бурчига садоқат, сергаклик ва ҳурфикрлик талаб этилади.

Йиғилишда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июндаги “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5755-сон Фармони ижроси доирасида давлат божхона хизмати органлари томонидан амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди.

Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг инвестициявий муҳитини янада яхшилаш, адолатли рақобат тамойилларини жорий этишни таъминлаш ҳамда солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш амалиётини тартибга солишга хизмат қилиши таъкидланди.

Ҳайъат йиғилишида маълум қилинишича, жорий йилда давлат бюджетига салкам 7,2 трлн. сўмлик божхона тўловлари ундирилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29,1 фоизга кўп демакдир. Натижада, божхона тўловлари бўйича кўзланган режа 105,5 фоизга бажарилган.

Республикамиз божхоначилари томонидан контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш йўналишида ўтказилган ва божхона кўриклари натижасида 8621 та ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, 102,7 млрд. сўмлик товарларнинг ноқонуний олиб ўтилиши ва яширин айланмаси фош қилинган.

Жумладан, 18,6 кг. гиёвандлик воситалари,  29 минг 995 дона психотроп таблеткалар, 43 та қурол, 8,6 мингдан ортиқ тақиқланган диний мазмундаги материаллар ўз вақтида тўхтатиб қолинди.

Божхона органларида хавфларни бошқариш тизимини жорий этилиши божхона назоратини камайтириш, унинг сифатини яхшилаш, мавжуд куч ва воситалардан мақбул фойдаланиш, божхона назоратини ўтказиш ҳамда расмийлаштириш учун сарфланган вақтни қисқартириш ва унинг самарадорлигини оширишга имкон берди.

Масалан, божхона расмийлаштирувидан ўтказилган юкларнинг 60 фоизи, хусусан экспортга мўлжалланган юкларнинг 82 фоизи божхона кўригидан ўтказилмади. Шунга қарамай, тизим кўмагида божхона ҳуқуқбузарликларини аниқлаш самарадорлиги деярли 4 мартага ошди ва натижада  қўшимча 18,6 млрд. сўмлик ундирилиши лозим бўлган қўшимча божхона тўловлари ҳисобланди.

Товарларнинг экспорти учун сарфланган вақт 2018 йилга 4,3 мартага қисқариб, 39 дақиқани, импорт учун сарфлаанган вақт эса 2 баробарга қисқариб, ўртача 21 соатни ташкил қилмоқда.

Аммо, эришилган натижаларга қарамасдан, соҳада ҳамон ўз ечимини кутаётган муаммоли масалалар ҳам борлиги йиғилишда алоҳида қайд қилинди.

Танқидий таҳлил руҳида ўтказилган тадбирда тизимда йўл қўйилган қатор камчиликлар атрофлича муҳокама қилинди.

Қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ўз вақтида ундириш, божхона тўловларини ҳисоблашда муҳим аҳамият касб этувчи божхона қийматини тўғри белгилаш каби масалалар шулар жумласидандир.

 Ҳозирда юртимизда пишиқчилик палласи. Табиийки, бу даврда мева-сабзавотларнинг хорижга экспорти кўлами янада ошади. Айни пайтда маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда божхона ходимлари туну-кун экспортёрларга кўмаклашмоқда.

Йиғилишда кун тартибидаги яна бир долзарб масала кўриб чиқилди. Таҳлилларга кўра, ҳисобот даврида дори-дармон ва тиббиёт буюмлари, психотроп таблеткалар ва заргарлик буюмларини ноқонуний равишда олиб ўтишга уринишлар сезиларли равишда ортган.

Бу эса  ҳудудий божхона бошқармалари томонидан ушбу йўналишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини оширишни талаб қилади. Бунда айниқса, оммавий ахборот воситаларининг имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, тизимда коррупцияга қарши курашда муросасиз муҳитни шакллантириш масалалари чуқур таҳлил қилинди.

Ҳайъат йиғилишида кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

8.07.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг