Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Автомобилда ўтиш учун “Малик”да ўртача 7-10 дақиқа, “Ғишткўприк”да эса 10-15 дақиқа сарфланмоқда
188
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 26 апрелдаги “Ўзбекистон–Қозоғистон Давлат чегарасида “Оқолтин” ва “Малик” автомобиль ўтказиш пунктларини очиш тўғрисида”ги ПҚ-2931-қарорига асосан, 2017 йил 11 июль куни Сирдарё вилоятида жойлашган Қозоғистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда “Оқ олтин” ва “Малик” автомобиль ўтказиш пунктлари расман очилиб, бугунги кунга қадар фаолият кўрсатмоқда.

“Малик” ўтказиш пунктининг иш фаолияти соат 07.00 дан 19.00 гача белгиланган бўлиб,  бу ерда автотранспорт воситаларини божхона ва чегара назоратидан ўтказилиши  учун ҳозирги  кунда ўртача 7-10  дақиқа сарфланмоқда. 

Алоҳида қайд этиш жоизки, жисмоний шахслар томонидан божхона чегаралари орқали товарларни олиб ўтишда жорий қилинган қулайликлар ва енгилликларни суистеъмол қилиш ҳолатлари ушу пунктда ҳам тез-тез фош қилинмоқда.

Хусусан, тижорат мақсади учун кўзланган товарларни гўёки шахсий эҳтиёж учун ниқоби остида божсиз олиб киришга уринишлар содир этилмоқда.

Масалан, 2019 йилнинг ўтган 8 ойи давомида  “Малик” ўтказиш пункти давлат божхона хизмати органлари ходимлари томонидан аниқланган 32 та божхона қонунчилиги бузилиши ҳолатларида қиймати салкам 190 млн. сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Давлат божхона қўмитасига “Ғишткўприк” чегара-божхона постида ҳам автотранспорт воситаларининг тирбандлиги кузатилаётганлиги тўғрисида мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу постда ҳам ўрганиш ишлари олиб борилди.

Мазкур пост орқали жорий йилнинг биргина июль ойида 13 минг 328 та енгил автотранспорт воситалари ҳаракатланган. Бу эса кунига ўртача 400-430 та автомобилни ташкил қилади.

Ахборот тизимларидан олинган маълумотлар таҳлилига кўра, июль ойида мазкур постда енгил автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун ўртача 10-15 дақиқа сарфланган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июль ойи якунларига кўра республикамиз чегара-божхона постлари орқали жами 91,7 мингдан ортиқ енгил автотранспорт воситалари ҳаракатланган.

Шу билан биргаликда, чегара-божхона постлари орқали автотранспорт воситаларида ҳаракатланаётган фуқаролар республикамизнинг чегара божхона постларида навбатда турган автотранспорт воситалари сони тўғрисидаги маълумотлар билан онлайн равишда Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайти орқали танишишлари мумкин.

16.08.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг