Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитаси Интернетда эълон қилинган материал юзасидан муносабат билдиради
496
2019 йил 10 сентябрь куни U24.uz ахборот-таҳлилий порталида “Адолатсиз суд жараёнлари ёхуд божхонадаги қинғирликларни ким фош этади?” сарлавҳали мақола эълон қилинди.
Давлат божхона қўмитаси Интернетда эълон қилинган материал юзасидан муносабат билдиради

Ушбу мақола юзасидан Давлат божхона қўмитаси қуйидагиларни маълум қилади.

2018 йил 23 сентябрь куни Россия Федерациясидан Қозоғистон Республикаси орқали Ўзбекистон Республикасига ўтиш учун “Яллама” чегара божхона постига “Каптива 2” русумли автоуловда кириб келган фуқаро Р.М.нинг ўзи билан олиб ўтаётган юклари божхона кўригидан ўтказилган.

Кўрик давомида юклар орасида йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўровида маълум қилинмаган, хеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 30 номдаги 35 дона рус тилидаги диний мазмундаги адабиётлар борлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб кириш ва тарқатиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2014 йил 20 январдаги 10-сон қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида диний мазмундаги материалларни олиб кириш фақат давлат диншунослик экспертизаси ўтказилганидан кейин амалга оширилади.

Бунда юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун ҳар бир номланишдаги материалдан уч нусхадан ошмаган миқдорда, агар улар тақиқланган материаллар рўйхатига киритилмаган бўлса, экспертиза ўтказилгандан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишига йўл қўйилади.

Шу мақсадда, мазкур адабиётлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2018 йил 20 октябрдаги 3778-сонли хатига асосан тегишли хулосаси олинган.

Хулосага асосан мазкур адабиётлар диний мазмундаги материаллар деб топилган, адабиётларнинг 1 донаси эса ўзида ақидапарастлик мазмунини акс эттирган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисмига мувофиқ, контрабанда, яъни божхона назоратидан яшириб ва декларациясиз ақидапарастликни тарғиб қилувчи материалларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мазкур ҳолат юзасидан 2018 йил 31 октябрь куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси Суриштирув ва маъмурий амалиёт бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароси Р.М. ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент вилояти прокуратурасига юборилган.

Мақолада китоблар орасида Амир Темур ҳақидаги адабиёт ҳам бўлганлиги ва божхона кўриги давомида ғойиб бўлганлиги келтирилган.

Вахоланки, фуқаро Р.М. иштирокида ўтказилган ва унинг имзоси билан тасдиқланган божхона кўриги якунларига доир “Ашёларни кўздан кечириш, санаш ва олиб қўйиш ҳақида”ги Баённомада 30 номдаги 35 дона адабиётлар қайд қилинган бўлиб, рўйхатда “Амир Темур” ҳақидаги адабиёт мавжуд эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, давлат божхона хизмати органлари фаолиятини ёритишда оммавий ахборот воситалари вакилларини амалдаги қонунчилик талабларини пухта ўрганишга, холислик ва ҳаққонийлик тамойилларига, шунингдек журналистнинг касбий этикаси меъёрларига риоя қилишларига чорлаб қоламиз.

 

Давлат божхона қўмитаси

Ахборот хизмати

 

11.09.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг