Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Франциялик Коро Венулла: Франциядан Самарқандга тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлар эди
161
Бутунжаҳон туризм ва саёҳатлар кенгашининг шарҳига кўра, сайёҳликнинг роли ва унинг глобал иқтисодиётга таъсири йил сайин ошиб бормоқда.
Франциялик Коро Венулла: Франциядан Самарқандга тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлар эди

Қадимдан юксак маданияти ва илм-фани, меъморий обидалари билан кўпчиликни ҳайратга солиб келган юртимиз истиқлол шарофати билан замонавий сайёҳлик марказига айланмоқда.

Самарқанд бу борада муҳим ўрин тутади. Ҳақли равишда “Ер юзининг сайқали”, “Шарқ гавҳари” деб аталадиган қадимий ва ҳамиша навқирон ушбу шаҳар азалдан илм-фан, савдо ва ҳунармандчилик маркази бўлиб келган.

Сайёҳликни ривожлантириш мақсадида юртимизнинг барча соҳаларида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу жумладан, божхона органлари томонидан ҳам бугунги кунда туризм соҳасини ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни кўришимиз мумкин. Хусусан, Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони ижросини таъминлаш юзасидан 2018 йил 1 январдан бошлаб халқаро аэропортларда “қизил” ва “яшил” йўлаклар амалиётга жорий қилинди.

Ушбу жорий этилган қулайликлар натижасида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан ҳам туризм соҳасини ривожлантириш ва туристларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилиб, йўлга қўйилган янги йўлак тизими орқали “Самарқанд” халқаро аэропортига чет давлатлардан учиб келаётган йўловчиларни божхона назоратидан тез ва сифатли ўтказиш борасида доимий равишда чоралар кўрилиб келинмоқда.

Шу ўринда “Самарқанд” халқаро аэропорти орқали ҳаракатланган сайёҳлар “Самарқанд аэропорти” чегара божхона пости ходимлари билан суҳбат давомида, Ўзбекистонда туризм борасида қилинаётган ишлар, сайёҳларнинг юртимиз тўғрисидаги таассуротлари хақида фикр алмашилди.

Жумладан, Италиядан ташриф буюрган Алессандро Ангело ва унинг дўсти Брад Фабио саёҳати ҳақидаги таасуротлари билан дўстлашиб, қуйидаги фикрларни билдирди.

– Юртингиз жуда ҳам чиройли, бетакрор табиати, тарихий обидалари, ўзининг узоқ ўтмишига эга бўлган тарихи билан бизни ўзига жалб қилди. Ўзим Италияданман, дўстим Фабио билан ўттиз кун давомида Ўзбекистоннинг Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Хива деб аталмиш гўшаларида бўлдик. Фарғона водийси ўзининг таомлари, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари ўзининг қадимий ноодатий обидалари, тарихийлиги билан бизни лол қолдирди. Мен юртингизнинг мана шундай тарихий жойлари дунёнинг турли бурчакларида яшаётган мен каби сайёҳларни ўзига жалб қилишини ҳисобга олган ҳолда, сервис хизматларини, масалан банкларни янада яхшилашни, туристларга қулай шароитлар яратишни, сайёҳлик обидаларининг жозибадорлилигини янада оширишни ва бу борада оммавий ахборот воситаларида юртингизнинг бундай гўзал ва бетакрор манзараларини намоён қилувчи рекламаларни кучайтиришни тавсия қилган бўлардим.

Франциялик Коро Венулла: мен Ўзбекистонда саккиз кун бўлдим, 4 кун Самарқандда. 2 кун Бухоро ва 2 кун Тошкентда. Шуни айта оламанки, Ўзбекистон замонавий туризм инфратузилмасинин ривожлантирмоқда, сайёҳлар учун мазмунли, хордиқ чиқариш учун кенг кўламли шароитлар яратилаётганлигини кўрдим. Юртингиз тарихий обидаларга бой мамлакат экан. Нафақат мен, балки дўстларим ҳам уларга қизиқишади. Мамлакатингизда сайёҳликнинг янги турлари, экотуризм ривожланаётганлигидан мамнун бўлдим. Билишимча, Ўзбекистонда кўп миллий боғлар, қўриқланадиган табиий худудлар ва ёдгорликлар мавжудлиги экотуризмни ривожлантиришга кенг имконият беради. Биласизми, менинг Франциядаги дўстларим ҳам юртингизга келишни, бундай чиройли ва ҳашаматли тарихий бинолар, тарихий жойларни кўришни хоҳлашади. Айниқса кўҳна Самарқанднинг тарихий обидаларига бўлган қизиқишлари бисёр. Шундан келиб чиқиб, Франциядан Самарқандга тўғридан-тўғри авиарейслар йўлга қўйилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Испаниялик Лаурес Картес: биз Ўзбекистонга 65 киши, яъни бир гуруҳ бўлиб саёҳатга келганмиз. Мен юртингиз, унинг тарихий жойлари, Самарқанд, Бухоро ва Хива  хақида  телевиденияда Ўзбекистон хақида берилган лавҳадан кўрган эдим ва турмуш ўртоғим  Лаурес Санчес билан маслаҳатлашиб шу ерга саёҳат қилишга қарор қилдик. Юртингиз, одамларингиз, миллий таомларингиз ва албатта бу ернинг табиати, тарихий жойлари менда чуқур таассурот қолдирди. Биласизми, бизнинг Самарқанддаги саёҳат вақтимиз шаҳрингиздаги баъзи кўчалардаги йўлларнинг таъмирланиш вақтига тўғри келиб қолгани учун йўлдаги тирбандликлар бизга ноқулайликлар туғдирди. Лекин барибир юртингизга қилган саёҳтимиз мазмунли ва завққа тўла бўлди.  

Хулоса қилиб шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, сайёҳларда юртимизга бўлган қизиқиш кун сайин ортиб бормоқда, улар ташрифи давомида ўзлари билан ижобий таасуротлар олиб кетишмоқда, бунда албатта ҳар биримизнинг ҳиссамиз бор.

 

 

26.10.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг