Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Янги қонун божхона қонунчилигига риоя этилишни таъминлашда муҳим роль ўйнайди
67
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 31 октябрдаги “Божхона маъмуриятчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-577 сон Қонуни билан мазкур кодекснинг бир қатор моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Масалан, илгари қонунчиликда назарда тутилмаган божхона расмийлаштируви тугалланмаган товарлар ва транпрост воситаларини тасарруф этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Бунда фуқароларга ЭКИҲнинг 20 бараваридан 30 бараваргача, мансабдор шахсларга эса 30 баравардан 50 бараваргача миқдорда жарима солинади.

Мазкур моддадаги “Қиёслаш воситалари” атамаси мукаммал кўриниш касб этди. Эндиликда, бу атама “Божхона идентификациялаш воситалари” деб юритилади.

Шундай қилиб, божхона идентификациялаш воситаларини ўзгартириш, йўқ қилиш, шикастлаш ёки йўқотиш, шуниндек, божхона назорати сотида турган транспорт воситаларининг юкхонаси, юкланган товарларни қонунга хилоф равишда очганлик учун санкциялар кучайтирилди.

Яъни, фуқароларга ЭКИҲнинг 10 бараваридан 20 бараваргача, мансабдор шахсларга эса 20 баравардан 30 бараваргача миқдорда жарима солинади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга ЭКИҲнинг 20 бараваридан 30 бараваргача, мансабдор шахсларга эса 30 баравардан 50 бараваргача миқдорда жарима солинади.

Эндиликда божхона органига товарлар ва транспорт воситалари учун божхона декларациясини, худди шунингдек ҳужжатлар ва қўшимча маълумотларни белгиланган муддатларда тақдим этмаслик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этилса, бунинг учун ҳам санкциялар жорий қилинди.

Яъни, бу фуқароларга ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Янги нормаларга кўра, илгари олиб кирилган-у, аммо олиб чиқилмаганлиги учун  маъмурий жазо қўлланилган товарлар ва транспорт воситаларини олиб чиқишнинг аниқ муддати белгиланди. Энди олиб чиқиш шарт бўлган товарлар ва транспорт воситалари маъмурий жазо қўлланилганидан кейин 30 кун ичида олиб чиқиб кетилиши шарт. Акс ҳолда, мазкур товарлар ва транспорт воситалари мусодара қилинади.

Кодексга киритилган яна бир тўлдиришга мувофиқ, муайян божхона режимига жойлаштирилган товарлар ва транспорт воситаларини ушбу божхона режими талабларига мувофиқ бўлмаган тарзда тасарруф этганлик учун санкциялар жорий қилинди.

Яъни, бу фуқароларга ЭКИҲнинг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали аслида ишлаб чиқариш ёки тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни тижорат мақсадлари учун мўлжалланмаган товарлар ниқоби остида олиб ўтишни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этганлик учун ҳам санкциялар жорий қилинди.

Бунда товарлар мусодара қилинади, ЭКИҲнинг 10 бараваридан 15 бараваригача жарима солинади.

Энди божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни ёки бошқа қимматликларни олиб ўтиш билан боғлиқ бўлиб, мусодара қўлланилиши мумкин бўлган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш алоҳида ҳолларда, агар маъмурий жавобгарликка тортилаётган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлса ёки унинг турган жойини аниқлаш имкони бўлмаса, бундай шахснинг иштирокисиз кўриб чиқилади.

Илгари бу норма фақатгина экспорт қилиниши ман этилган буюмлар ва маҳсулот Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиб кетилгандагина қўлланиларди.

271-модданинг 11-бандида таъкидланган қатор ҳолатларда ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган тадбиркорлик субъектининг мансабдор шахслари ёки ходимлари ёҳуд тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролар йўл қўйилган бузилишларни ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда ихтиёрий равишда бартараф этса ва (ёки) етказилган моддий зарарнинг ўрнини қопласа, бунда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлигига зарар етказилмаган бўлса, у ҳолда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритиш бошланмайди, бошланган бўлса, тугатилади.

Мазкур қонун 2020 йилнинг 2 февралидан эътиборан кучга киради.

Ҳусан Тангриев

ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори

3.11.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг