Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди
205
Мадҳиямиз янграши билан беихтиёр бошингиз юқорига кўтарилади. Таниш ва қадрдон сўзлар бирдан ёдингизга тушганидан қаддингизни тик тутиб, жўр бўлганингизни сезмай қоласиз. Вужудингизда уйғонган ҳаяжондан юрагингиз тўлқинланиб кетади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди

Ўлкамиз серқуёшлигининг таъкиди билан бошланган қўшиқ мутлақ ҳақиқат эканини ўйлайсиз. Қуёш ҳаммага тенг нур сочгани каби инсон қадри ҳар нарсадан улуғлигини ўзига шиор қилиб олган давлатимиз ҳар бир фуқаросини бахтиёр қилиш учун тинимсиз ислоҳотлар олиб бораётгани, улкан бунёдкорлик ишлари туфайли шаҳар ва қишлоқларимиз кундан-кунга обод бўлиб бораётгани кўз ўнгингиздан ўтади.

Давлатимизнинг барча билан, айниқса, қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни кенг йўлга қўйгани азалдан мустаҳкам бўлган ёру биродарлик ришталарининг янада жипслашишига олиб келгани, турли соҳадаги эзгуликка йўналтирилган ҳамкорлик эса аллақачон ўз самарасини берганини ўйлайсиз.

Илм-фаннинг бешиги бўлган юртимизда ижодкорларга яратиб берилган имкониятлар давлатнинг олимларга бўлган хайрихоҳлиги даъватига ўхшайди.

Ўтганлар руҳи шод бўлган юртда хотиржамлик ҳукмрон. Ўзидан кейинги илм даҳоларини лол этиб, ҳайратомуз дунёқарашга эгалиги туфайли ўз давридан неча юз йиллар илгарилаб кетган буюк алломаларимиз номи тикланди. Улар қолдириб кетган меросдан истиқлол даврига келибгина тўлақонли баҳраманд бўлдик. Ҳа, биз қурмоқчи бўлган озод ва обод жамият биносининг пойдевори минг йиллар илгари бузилмайдиган қилиб бунёд этилган экан.

Улуғ халқ қудрати жўш урмоқда. Дунёнинг юзлаб мамлакатига парвоз қилаётган пўлат қушлар, аксарият ҳамдўстлик давлатлари орзуси бўлган учқур поездлар, миллий автомобиллар, “Сити”лар ва “Ҳумо” каби санаб саноғига етолмайдиган бунёдкорлик ишлари, албатта, оламни маҳлиё айлайди.

Истиқлол машъали. Ўзбекистонни Осиё заминида порлаб турган маёққа ўхшатгим келади. У бутун дунёдан кўриниб турибди. Бу маёққа қараб йўлини тўғрилаганлар қанча. Тинчлик – ўзбекнинг, ўзбекистонликларнинг бош мақсади – сиёсати.

Мадҳия янграмоқда. Ўтмишимиз, бугунимиз, келажагимизни мадҳ этувчи муқаддас қўшиқ янграмоқда.

11.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг