Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Давлат божхона қўмитасида тизимда хизмат қилаётган аёллар иштирокида тадбир бўлиб ўтди
286
Бугунги кунда аёлларимизнинг жамиятимиздаги ва юртимизнинг сиёсий ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бунга мисол сифатида аёлларимиз масъулиятли лавозимларга тайинланаётганлиги, шу билан бирга улар ўз иқтидорлари ва истеъдодларини намоён қилишлари учун барча имкониятлар яратилаётганини келтиришимиз мумкин.

Аслида, аёл деганда аввало кўз олдимизга мунис оналаримиз, опа-сингилларимиз ва шириндан шакар қизларимиз келади. Аёл зоти табиатнинг нозик хилқати, деб таъриф берилиши бежиз эмас. Ҳақиқатан хотин-қизлар эътибор ва ҳимояга доим эҳтиёж сезади.

Шу муносабат билан Давлат божхона қўмитаси тизимида хизмат қилаётган аёллар билан “Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хизмат қилаётган аёллар билан ишлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволда бўлган хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам ҳақида тушунтиришлар ва бошланғич ташкилотлар билан ҳамкорлик” мавзусида видеоконференция тарзида ташкиллаштирилган ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова ҳамда Қўмитанинг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўлими бошлиғи Сурайё Пўлатова ўз маърузалари билан иштирок этдилар.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-5325-сон Фармонига мувофиқ ҳамда туман хотин-қизлар қўмиталарининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 200-сонли Қарори қабул қилингани ва мазкур қарор доирасида қилинган ишлар бўйича маълумотлар берилди.  

Шу билан бирга, 2019 йилнинг 2 сентябрида қабул қилинган  “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ЎРҚ-561-сонли Қонуни юзасидан тушунтиришлар берилди. Ушбу Қонуннинг қабул қилинишининг асосий мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатлигига маърузачилар томонидан тўхтатилиб ўтилди.

Шу қаторда, бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг Давлат божхона қўмитасидаги бошланғич ташкилоти раиси Умида Пирмухаммедова сўзга чиқиб, давлат божхона хизмати органларида хизмат қилаётган хотин-қизларнинг муносиб фаолият олиб боришлари учун яратилаётган шарт-шароитлар, шунингдек, ходимларнинг хизматдан ташқаридаги вақтларида муносиб ҳордиқ чиқаришлари учун маданий-маърифий тадбирлар ташкил қилиш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбир якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди ва қизиқтирган саволларига  атрофлича жавоблар берилди. Сўнгра, Хотин-қизлар қўмитаси Раисининг биринчи ўринбосари томонидан тадбир иштирокчилари учун “Ўзбекистон аёллари” номли китоб, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари учун қўлланма ҳамда турли хил тарғибот материаллари совға сифатида тақдим этилди.

26.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг