Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Қонунчиликдаги ўзгаришлар юзасидан семинар ташкил этилди
264
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, айниқса ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш мақсадида божхона органлари томонидан тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Қонунчиликдаги ўзгаришлар юзасидан семинар ташкил этилди

Хусусан, экспорт-импорт операцияларини қисқа муддатда ва ортиқча оворагарчиликларсиз амалга ошириш учун яхлит бир тизим ишлаши лозим. Чунки, дейлик импортда товар Ўзбекистон чегарасидан олиб кирилиб, ўз эгасига фойдаланиш учун топширулгунига қадар бир қанча босқичлардан ўтиши лозим. Масалан, битта товар импорти учун ушбу маҳсулотнинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда бир нечта рухсатнома ва сертификатлар талаб этилиши мумкин. Бундай ҳолатда рухсатнома ва сертификат берувчи органлар фаолиятининг самарадорлиги ва тезкорлигини ошириш, шу жумладан бу йўналишда барча тегишли идоралар ўртасида электрон ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим вазифа ҳисобланади.

Шу боисдан, жорий йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда маъмурий тартиб-таомилларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4297-сон қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ тегишли вазирлик ва идораларга “Ягона дарча” божхона ахборот тизимини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Ҳозирга келиб, “Ягона дарча”  божхона ахборот тизими ишлаб чиқилди ва синов тарзида ишга туширилди. 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб эса тизимни тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилган.

Шу боисдан Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида янги тизимнинг ишлаш принципи билан яқиндан танишиш, бу йўналишда амалиётда юзага келиши мумкин бўлган муаммо ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари, тегишли вазирлик ва идора вакиллари, божхона ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида тизим ишга туширилиш натижасида яратиладиган қулайликлар ҳақида батафсил ахборот берилди.

Шунингдек, тадбиркорларнинг электрон рақамли имзосидан фойдаланган ҳолда рухсатнома ва сертификатлар олиш учун мурожаат йўллаш, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнларини онлайн кузатиб бориш имкониятлари шунингдек, дастурдан фойдаланиш тартиби амалий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.

Тадбир давомида тадбиркорлар томонидан “Ягона дарча” божхона ахборот тизимига оид берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан жавоб қайтарилди.

Такидлаш жоизки, 2019 йил 11 ойи давомида вилоятдаги ҳудудий корхоналар томонидан экспорт қилинган товарлар улуши 156,8 миллион АҚШ долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14,4 миллион АҚШ доллари ёки 10,1 % га кўпайган.

Ҳудудий корхоналар томонидан экспортга расмийлаштирилган товарларнинг ўсиши асосан дуккакли экинлар – қиймати 43,7 миллион АҚШ доллари, ип-калава - қиймати 21,04 миллион АҚШ доллари, карам - 2,8 миллион АҚШ доллари, ўсимлик смолалари - қиймати 2,5 миллион АҚШ доллари, консерваланган сабзавот маҳсулотлари – қиймати 1,2 миллион АҚШ доллари, пиёз - қиймати 803,8 минг АҚШ доллари, гречка- қиймати 564,3 минг АҚШ доллари, кунгабоқар пистаси – қиймати 513,5 минг АҚШ доллари каби товарлар экспортининг кўпайиши ҳисобига тўғри келади.

Учрашув сўнгида, барча тадбиркорлик субъекти вакилларига буклет ва инфографикалар тарқатилиб, божхона соҳасига доир мурожаат ёки таклифлар мавжуд бўлганда Давлат божхона қўмитасининг қисқа 11-08 рақамли ишонч телефонига ёки Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг (76) 225-02-26 рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишлари мумкинлиги тўғрисида маълумот берилди.

 

27.12.2019

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг