Тадбиркорлар ва ТИФ
иштирокчилари учун доимий
ишонч телефони
11-08
Муқаддассан, мўътабар аёл!
345
Нафислик ва гўзаллик фасли кириб келиши билан она табиатимиз уйғониб, бутун олам гулга бурканишга чоғланган бир паллада, нафосат соҳибалари — дилбар аёллар байрами ҳам нишонланади. У мўътабар она, меҳрибон опа, эркатой сингил, суюкли ёр ва ширинтой қизалоқ. Оилада чинакам соғлом, қувончли муҳит яратилишининг асосчиси, ундаги барча яхшиликларнинг сабабчиси ҳам аёлдир.
Муқаддассан, мўътабар аёл!

“Аёл бир қўлида бешик тебратса, бир қўлида дунёни тебратади” — деб доно халқимиз бежизга айтмаган. Юртимизнинг бугунги аёли оқила рафиқа ва мўътабар она бўлиш билан бирга, давлатимиз равнақи ва юртимиз фаровонлиги, эл осойишталиги учун турли соҳа ва йўналишларда, шаҳар-у қишлоқ, ҳаттоки энг олис чегара сарҳадларимизда  элимиз таянчи бўлган эркаклар билан бир сафда туриб хизмат олиб бормоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ҳам ҳозирги кунда 20 дан ортиқ аёл ходималар ўзларига юклатилган хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш баробарида, оилавий осойишталикни таъминлаб, фарзандлар тарбияси билан шуғулланишга ҳам улгуришмоқда.

Бугун биз сўз икки фарзанднинг онаси, давлатимиз сарҳадларида 16 йилдан буён самарали хизмат қилиб келаётган Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси “Даут-ота” чегара божхона пости катта инспектори, божхона хизмати майори Лола Расулова ҳақида қисқача маълумот бермоқчимиз. Божхона хизматига бутун ёшлик чоғларини бағишлаган Лола опа иш фаолияти давомида асосан Ватанимиз сарҳадларида хизмат қилиб, юртимизнинг иқтисодий хавфсизлиги, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечиришида ўзининг катта ҳиссасини қўшган ҳақиқий ҳарбий аёл, десак муболаға бўлмайди.

– Йиллар давомида тўпланган тажриба бугун ўз ифодасини кўрсатмай қолмайди, – дейди, божхона хизмати майори Л.Расулова. – Инсон севимли касби билан шуғулланса, унинг ичига тобора кириб боравераркан. Божхоначи касбининг паст-у баландини кўриб, инсонда ўзига хос психология шаклланар, айнан ўша йиғилган тажриба бугунгидек божхоначиларни янада сергакликка чорловчи  даврда хизмат фаолиятимда асқотмоқда.

 Божхона органларида хизмати давомида Л.Расулова қатор божхона қонунбузилишларининг олдини олиш бирга бирга, айниқса заргарлик буюмлари, наркотик моддаларнинг йўловчи аёллар томонидан ноқонуний олиб ўтилиш ҳолатларини фош қилган ва ўз вақтида чек қўйган. Ҳозирги кунда мамлакатимизнинг шимолий дарвозаси ҳисобланмиш “Даут-ота” чегара божхона постида хизмат фаолиятини давом эттираётган ходимамиз айни вақтда ёш божхоначиларнинг ҳурматли устози ҳамдир, уларга божхоначилик касбининг сир асрорларини, фаолият самарадорлиги йўлидаги тавсияларни ўргатишдан ҳеч чарчамайди. Бошқарма хотин-қизлари орасида ўзининг шиддати ва ташкилий фаоллиги билан ажралиб турадиган Л.Расуловага ҳудудий бошқарма шахсий таркибининг ҳурмати чексиз.

Биз ҳам ўз навбатида, эркаклар билан бир сафда елкама-елка туриб, ҳам жисмонан ҳам руҳан катта куч талаб қиладиган хизмат вазифаларини бажараётган божхоначи аёлларимизни нафислик байрами билан чин қалбимиздан табриклаймиз, оилаларига бахт-саодат, хизмат бурчларини ато этишларида метиндек ирода ва куч-ғайрат тилаймиз. Қуйида эса нафислик билан шижоатли хизматни ўзида уйғунлаштира олган нозик хилқат соҳибалари учун ҳамкасбимизнинг қаламларига мансуб шеърни илиндик.

 

Эркаклик саботин тутибсиз бошда,

Йигитдек хизматга боғлабсиз-ку бел,

Ўсмалар ўрнида бу қора қошда,

Заҳмат-у шараф-шон айламиш манзил.

 

Бир ёнда оила тинчлигин сақлаб,

Бир ёнда Ватаннинг хавфсизлиги деб,

Ҳарбий деган номни эркакча оқлаб,

Аёл бошингиз-ла қиласиз-да эп!

 

Балки  елкангизда юлдузли ўшал,

Рутбангиз тоғ мисол босиблар турар,

Лекин сиз чиройли, лекин сиз гўзал,

Сизда латофатлар мудом барқ урар.

 

Баъзан уйингизга борарсиз тунда,

Баъзида саҳарлаб жўнаб кетарсиз,

Сизнинг иқболингиз аслида шунда –

Ватан равнақидан кўкка етарсиз.

 

Қалам кучи етмас таърифингизга

Ҳайратдан алқовлар айтар ҳаёллар.

Улуғ байрамингиз муборак Сизга,

Эй, мунис аёллар – ҳарбий аёллар!

4.03.2020

Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг